Немислар эплолмаган ишни қойиллатган ўзбегим

Топинамбур ўсимлиги

Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор сабаб, ёшларимиз орасида илм-фан чўққиларини забт этаётган ёш олимларнинг сафи кенгайиб бормоқда. Тошкент кимё–технология институтининг Целлюлоза ва ёғочсозлик технологияси ёш олимлари топинамбур ўсимлигидан сифатли қоғоз ва кимёвий қайта ишлашга яроқли бўлган целлюлоза олишнинг инновацион технологиясини яратганлари нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам катта эътирофга сазовор бўлди.

Қоғоз, бу — пул дегани

Бир варақ оқ қоғозни қоралаш, ғижимлаб улоқтириб ташлаш нақадар осон. Лекин шу биргина варақ қоғоз холига келгунча қанчадан-қанча техник жараёнларни бошдан кечиришини кўз олдимизга келтирмаймиз. Ваҳоланки, қоғоз ишлаб чиқариш, қоғозга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида ҳар йили миллионлаб маблағлар сарфланади. Мамлакатимизда целлюлоза асосан пахта линтидан олинади, бироқ пахта линтининг ишлатилиш соҳаси нихоятда кенглиги, қолаверса, қимматлиги боис, ундан олинадиган целлюлоза маҳсулотлари, жумладан қоғознинг таннархи ошиб кетаётган эди. Мисол учун Фарғона Фуран бирикмалар корхонасида ишлаб чиқарилаётган бир тонна целлюлозанинг нархи ўртача 3.500.000 сўмни ташкил этади. Унинг 70-90 фоизи эса хорижга экспорт қилинади. Топинамбур ўсимлигининг “Файз-Барака”, “Мўжиза” навларидан целлюлоза олишнинг йўлга қўйилиши эса пахта целлюлозасига нисбатан икки-икки ярим баробар арзонга тушиши хисоблаб чиқилди. Марказий Осиё мамлакатларида ёзув ва офсет қоғозларига бўлган талаб йилига 350.000 тоннани, мамлакатимизда ёзув ва типографик қоғозларга бўлган эҳтиёж эса йилига 110.000 тоннани ташкил этишини ҳамда бу эхтиёж асосан импорт эвазига қондирилишини ҳисобга олсак, юртимиз олимлари томонидан яратилган янгилик катта аҳамият касб этишини англаш мушкул бўлмайди.

1 гектар ерда 25 тонна қоғоз бор

Ҳозир юртимизда целлюлоза ва унинг эфирларига, ҳамда қоғоз маҳсулотларига бўлган талаб йил сайин ошиб бормоқда. Республикада ишлаб чиқарилаётган целлюлоза миқдори эса ниҳоятда кам ва у ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг фақатгина 10-12 фоиз талабини қондира олади, холос. Лойиҳа муаллифларидан бири Музаффар Муродовнинг айтишича, топинамбур пояларида 45 фоизгача целлюлоза мавжуд. Бир гектар майдонга экилган топинамбурдан 50 тоннагача кўк поя олиниши мумкин. Бу эса 20 тонна целлюлоза ва 25 тонна ёзув қоғози деганидир. Лаборатория шароитида топинамбурдан олинган целлюлоза асосидаги қоғоз намуналарининг айрим сифат кўрсаткичлари дарахтларнинг целлюлозалари асосида олинган қоғоз намуналаридан сифатли эканлиги ҳам аниқланган.

Берхард Борхерс,
Дрезден техника университети доктори:
“1994 йилда топинамбур ўсимлигини етиштириш борасида Германияда ҳам бир қатор ишлар қилинган, кейинчалик лойиҳа тўхтаб қолган. Сизлар эса топинамбурнинг ҳосилдор маҳаллий навини яратиб, поясидан целлюлоза олишни йўлга қўйяпсизлар. Бу эса ҳақиқий оламшумул воқеа”.

Қоғоз арзонлашади
“Наманган қоғози” МЧЖ асосан Россия ва Финляндиядан хорижий валюта ҳисобига хом ашё сотиб олади. Бунинг учун ҳар йили камида 4 млн. АҚШ доллари сарфланади. Эндиликда мазкур корхонада биринчи марта топинамбур поясидан олинган целлюлозадан саноат миқёсида қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2013 йилдан бошлаб, мамлакатимизда 300 гектар майдонда топинамбур ўсимлигини етиштириш кўзда тутилган. Ундан олинадиган поя эса “Наманган қоғози” корхонасини хом-ашё билан тўлиқ таъминлайди. Бу эса ортиқча сарф-ҳаражатларнинг олдини олиш баробарида қоғоз маҳсулотлари тан-нархини арзонлаштиришга ҳам хизмат қилади.

Шодмон ЭШБОЕВ 

You must be logged in to post a comment Login