ТАЪЛИМ СИФАТИ ОШИШИГА ЭРИШИЛМОҚДА

1-45

Фарғона шаҳрида “Болалар фаровонлигини ривожлантириш Дастури доирасида идоралараро ҳамкорлик” мавзусида вилоят мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти, вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Болалар фаровонлигини ошириш дастури” лойиҳаси доирасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Дастур ижросини таъминлаш мақсадида вилоят мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилган бўлиб, кенгаш аъзолари учун турли семинар ва йиғилишлар ташкил этиляпти.

Бўлиб ўтган йиғилишда вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Тўлқиной Тожиева шу йилдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шерикчилик тўғрисида”ги Қонунининг аҳамияти ҳақида гапирди. Қонуннинг 5-моддасида оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, соғлом оилани шакллантириш борасида  ижтимоий шерикчилик амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

ЮНИСЕФ халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи ўринбосари Берина Арсланагич-Ибисевич хоним вилоятда таълим сифати ошишига эришилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Тешабоев мактабгача таълим муассасаларида қисқа муддатли гуруҳларнинг очилиши ва фаолияти аҳволи тўғрисида маъруза қилди. 2014 йилда 181 та қисқа муддатли гуруҳлар ташкилланиб, уларга 12 мингдан зиёдроқ мактабгача ёшдаги болалар жалб қилингани эътиборга молик.

Йиғилишда ижтимоий соҳага ва болалар ҳимоясига дахлдор давлат идоралари ва нодавлат ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш тажрибасини оммалаштириш ҳамда бу борада жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам сўз борди. Маълумки, лойиҳа доирасида “Гўдаклар уйи” ва “Меҳрибонлик уйи”да тарбия топаётган болалар ўз оилалари бағрига қайтарилмоқда, ўша оилаларнинг муаммоларига ечим топилмоқда. 

You must be logged in to post a comment Login